Сирдарёда тиббиёт соҳасини рақамлаштириш давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги ПҚ-4890-сонли "Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тугрисида"ги Фармони ижроси доирасида мунтазам равишда иш олиб борилмоқда.

Хусусан, 26 март куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутасаддилари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари қўмитаси депутатлари ва автоматлаштирилган ахборот тизимларининг ишлаши учун масъул бўлган "IT-Med" МЧЖ ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳнинг Сирдарё вилоятига ташрифи ташкил этилди.

Ташрифдан мақсад Сирдарё вилоятида тиббиёт соҳасини рақамлаштириш ҳолатини ўрганиш, "Электрон поликлиника" автоматлаштирилган ахборот тизимини (ААТ) ва давлат тиббий суғуртаси маълумотлар базаларини жорий этилиши даражасини ўрганишдан иборат эди.

Умуман олганда, ишчи гуруҳ вакиллари жойларда оилавий шифокор пунктлари компютерлар билан таъминланганлик даражаси, юқори тезликдаги Интернет, ихтисослаштирилган ахборот дастурларининг жорий этилиши билан танишдилар.

Шундай қилиб, ОТБ ҳомийлиги доирасида Сирдарё вилоятидаги тиббиёт муассасалари учун 1 000 дан ортиқ компютерлар еказиб бериш режалаштирилган, барча тиббиёт муассасаларига оптик толали алоқа тармоғи ўрнатилган, ягона тизимни жорий этиш бўйича тавсиялар берилди, тиббий маълумотларнинг республика маълумотлар базаси ва "Электрон поликлиника" ААТ соҳасидаги ишларнинг ҳозирги даражасига ижобий баҳо берилди.